“Посбониман муқаддас юртнинг”

Ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат, юрт тинчлиги ва осойишталигини асраш, миллий ғурур ва ифтиҳор туйғуларини шакллантириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ва “Ватан ҳимоячилари куни”  муносабати билан Поп туманидаги 3-сонли мактабгача таълим ташкилотида “Посбониман муқаддас юртнинг” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбирда 07648-сонли ҳарбий қисм хизматчилари иштирок этиб, тарбияланувчиларга Ватан сарҳадларини қўриқлашда ҳарбий хизматчиларнинг бурчлари, улар учун яратилган имкониятлар ва  миллий армия ҳақида суҳбатлашдилар. Айниқса, ҳарбий қурол-яроқлар тарбияланувчиларда катта қизиқиш уйғотди.

“Мен ҳам Ватанимга хизмат қиламан”

Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ва “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан Наманган шаҳридаги 37-сонли мактабгача таълим ташкилотида  шаҳар Мудофаа ишлари бўлими билан ҳамкорликда “Мен ҳам Ватанимга хизмат қиламан” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.Тадбирда  шаҳар Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, подполковник Б.Ташев ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари фаҳрийси, заҳирадаги майор Н.Рахимов иштирок этиб, тарбияланувчиларга кучли, соғлом, баркамол, етук шахс бўлиш, Ватанни севиш, уни ардоқлаш, Миллий армияга бўлган ифтиҳор туйғусини шакллантириш юзасидан ўз фаолиятлари мисолида сўзлаб бердилар. Тарбияланувчилар томонидан Ватанни мадҳ этувчи шеърлар, рақслар тақдим этилди. Тадбир тарбияланувчиларда катта таассурот қолдирди.

Янги йилга улуғ мақсадлар билан

Наманган вилояти мактабгача таълим бошқармаси томонидан Наманган шаҳридаги “Олмос” тантаналар мажмуасида “Янги йил” муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳузуридаги “Инфратузилмани ривожлантириш бўйича инжиниринг компанияси” ДУК вилоят филиали, тизимнинг вилоят, туман (шаҳар) бўлимларининг жами 110 нафар раҳбар-ходимлари учун байрам тадбири ташкил этилди.

Тадбирни вилоят ҳокимининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси И.Қўчқарова очиб берди ва барчани байрам билан табриклади. Шундан сўнг вилоят Мактабгача таълим бошқарма бошлиғи Х.Юсупова сўзга чиқиб, вилоятимизда йил давомида мактабгача таълим соҳасида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар барча тизим ходимларининг фидокорона меҳнатларининг самараси эканлигини таъкидлаб келгусида белгиланган вазифаларини бажаришда янада фаолликка чорлади. Шунингдек, барча тизим ходимларини кириб келаётган “Янги йил” билан самимий муборакбод этди.

Тадбир давомида соҳада самарали фаолият юритаётган 30 нафар ходимлар вилоят Мактабгача таълим бошқармаси ва Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси вилоят Кенгашининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан  тақдирланди.

Куй-қўшиқлар, ажойиб рақслар ва қизиқарли ўйинлар байрамга ўзгача файз бағишлади ва тадбир иштирокчиларига хуш кайфият улашди.

Муносабат

Жорий йилнинг 25 декабрь куни “Телеграм” ижтимоий тармоғида Наманган туманидаги 12-МТТ мудираси томонидан муассаса ходимларини мажбурий обунага жалб қилиб ойлик маошларидан 85.000 сўмдан ушлаб қолаётгани, бу ходимларнинг норозилигига сабаб бўлаётгани танқид остига олинган.
Ушбу ҳолат вилоят Мактабгача таълим бошқармаси томонидан назоратга олинди. Айни вақтда вазиятни батафсил ўрганиш ишлари ўтказилмоқда. Тез фурсатда мазкур ҳолатга аниқлик киритилиб, батафсил маълумот берилади.
Наманган вилояти мактабгача таълим бошқармаси

“Юксалиш”да янги мактабгача таълим ташкилоти ўз фаолиятини бошлади

Юртимизда мактабгача таълим тизимига берилаётган эътибор ҳудудларда мазкур соҳада амалга оширилаётган ишлар мисолида ўз исботини топмоқда. Наманган шаҳридаги “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғинида янгидан қуриб битказилган замонавий давлат мактабгача таълим ташкилотини кўриб ҳавасингиз келади. Замонавий талаблар асосида бунёд этилган 46-сонли мактабгача таълим ташкилотининг лойиҳа қиймати 15 млрд. 741 млн. сўмни ташкил этиб, 385 ўринга мўлжалланган бўлиб, 50 та янги иш ўрни яратилди. 15 та гуруҳ хонаси, кутубхона, мусиқа, гимнастика ва жисмоний тарбия заллари замонавий жиҳозлар билан жиҳозланган. 160 нафар болага мўлжалланган умумий овқатланиш хонаси, 2 та чўмилиш ҳавзаси, ёзги айвончалар, ўйингоҳларда тарбияланувчилар учун барча шароитлар яратилган.
Бугун мазкур мактабгача таълим ташкилотининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ҳокими Х.Бозаров, вилоят ҳокимининг ўринбосари П.Маткаримов, шаҳар ҳокими Ш.Абдуразаков, вилоят Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғининг ўринбосари А.Юлдашев, шаҳар Мактабгача таълим бўлими раҳбар-ходимлари, нуронийлар, маҳалла фаоллари, ота-оналар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Тадбирга ташриф буюрган нуронийлар ва маҳалла фаоллари ёш авлодга берилаётган эътибор ва яратилаётган шароитлар учун чексиз миннатдорчилик билдирдилар.
Бу каби мактабгача таълим ташкилотларининг ташкил этилиши болажонларни сифатли таълим-тарбия олишлари, замонавий талаблар асосида камолга етишлари йўлида хизмат қилади.