НАМАНГАНЛИК ДОСТОНБЕК “UZREPORT” ТЕЛЕКАНАЛИДА ЭЪТИРОФ ЭТИЛДИ.

Дунёни  боланинг кулгуси  қутқаради, дейишади. Дарҳақиқат, шундай.  Зеро,  бола бор хонадонда ҳамиша  беғуборлик нафаси сезилиб  туради.

Бугун  эса бутун олам шодлигининг  сабабчилари бўлган    болалар байрами     “1 июнь - Халқаро болаларни  ҳимоя қилиш куни”. Дунё бўйлаб тарқалган коронавирус  пандемиясига қарши  карантин даври  эканига қарамай, ўзбекистонлик  болажонлар  учун  бугун ўзига хос  тантана, хурсандчилик   тарзида   мазмунли ўтмоқда.

Хусусан,  “Ўзрепорт телеканали”   ҳам  салкам  3 соатли жонли  эфир орқали   байрамона дастур  намойиш  қилди.  Мактабгача таълим вазирлиги  ҳамкорлигида  ташкил этилган   мазкур кўрсатув болажонлар учун ажойиб  байрам  совғаси  бўлди.  Ўзбекистон   Республикаси   Мактабгача таълим вазири Агреппина Шин  келажак  эгалари учун ўзбек  ва  рус тилларида  байрам  табригини йўллади.

 Албатта унинг  дил сўзларидаги  давлатимизнинг келажак авлод учун  ғамҳўрлигининг  намойиши  нафақат жажжи қалб эгалари  балки,   улар  учун масъул ота-оналар, мутасаддилар ва  барча - барчага хурсандчилик улашди.  

Қарийб уч  соат  давом этган   жонли эфир  Ўзбекистонлик  энг иқтидорли, энг истеъдодли  ва энг доно   ўғил-қизлар  учун  қулай   имконият    бўлди. Аҳамиятлиси, унда  ҳозирда Наманган вилоятининг   салкам  130 минг  нафар  3-7 ёшли  ўғил –қизлари вакили бўлган Наманган шаҳридаги 23 –МТТ тарбияланувчиси  6 ёшли Достонбек  ҳам   фаол иштирок этди.

У тадбиркор Зафаржон Мўминов ва уй бекаси Гулноза Магазимова  хонадонида  дунёга келган икки фарзанднинг кенжаси. Достонбек бир қарашда  худди катталардек жиддий ва мулоҳазали, бошқа томондан  шўҳ ва беғубор болалар қатори. Энг муҳими у  спорт, тасвирий  санъат, қўшиқ  айтиш  бўйича анчагина   қобилиятли, рус ва инглиз  тилини ҳам   мустақил ўрганмоқда. Достонбек Шокиров ўзининг фаоллиги билан миллионлаб  телемухлислар қалбини забт  этди. Қолаверса,  қисқагина давом этган ўзаро суҳбатда   “Ўзрепорт  телеканали”  бошловчилари  эътиборини қозонди, эътирофига сазовор бўлди, кўпчиликни  ҳайратда қолдирди.  Буни    ўзингиз ҳам кўришингиз мумкин. Балли, сенга Достонбек!  

Байрамингиз муборак бўлсин азиз болажонлар, юртнинг ишончи ва эртанинг эгалари!

Наманган вилояти мактабгача таълим  бошқармаси матбуот хизмати

“БОЛАЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАНФААТЛАРИ – ДОИМИЙ ЭЪТИБОРИМИЗДА!”

Ассалому алейкум, қадрли ҳамюртлар, келажак авлодимиз таълим-тарбияси        учун масъул бўлган фидоий педагог-тарбиячилар, азиз ота-оналар ва болажонлар!

Сизлар ва Сизлар орқали эртанги кунимизнинг эгаси бўлган ўғил - қизларимизга,  азиз фарзандларимиз ва беғубор болажонларимизга  “1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”  муносабати  билан самимий табригимизни йўллаймиз.  

Бугунги кунда дунё аҳолисининг қарийб 2 миллиарди болалар ҳисобига тўғри келади. Афсуски, уларнинг барчаси ҳам етарли эътибор ва ҳимояда эмас. Аҳамиятлиси, Ўзбекистонда ҳар  бир ўғил-қизнинг  соғлом дунёга келишидан бошлаб, комил инсон бўлиб улғайиши учун давлат доимий  ғамҳўрлик кўрсатилади, келажаги кафолатланади. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари Ўзбекистон республикаси  Конститутцияси, Ўзбекистон Республикасининг 15 та кодекслари,    22 та қонун, Ўзбекистон республикаси Президентининг ўнлаб фармон ва қарорларида ўз ифодасини топган.  Мамлакатимиз аҳолисининг аксарият қисмини  болалар ташкил этишини инобатга оладиган бўлсак, бола ҳуқуқларини ўрганиш, ва уларга бўлган  эътиборни кучайтиришга бугун ҳар қачонгидан  ҳам долзарб вазифа сифатида қаралмоқда. Хусусан, энг катта янгилик мактабгача таълим вазирлигини ташкил этилиши ва унинг қисқа муддатдаги  ижобий ва самарали  фаолияти  ҳам бунинг ёрқин исботидир.

Ҳурматли юртдошлар!

  Мамлакатимизда ёш авлодни  ҳар томонлама соғлом ва етук инсон қилиб вояга етказиш энг устувор вазифадир. Тинч ва осойишта юртимизда ғамҳўрлик ва  меҳр оғушида, беташвиш улғаётган болакайлар чин маънода  бахтиёр ўғил-қизлармиздир. Албатта, Президентимиз бошчилигида 3 ёшдан бошлаб болаларни мактабгача таълим  ташкилотига жалб этишга катта эътибор қаратилиши беъжизга эмас. Сабаби ушбу даргоҳда ўтган  вақтнинг ўзига хос маъно ва мазмунга бой кечиши болаларни  комиллик сари етаклайди. Уларга олам-олам завқ ва қувонч бағишлайди. Тарбияда ҳеч бир нарса аҳамиятсиз бўлмаганидек, боладаги ҳар бир ҳатти-ҳаракат, орзу-истак ва интилишларни инобатга олиш, қалбини, тилини тушунишнинг ўрни алоҳида. Зотан, буюк мутафаккир бобомиз Абдулла Авлоний  таъкидлаганидек, “Тарбия  биз учун   ё хаёт – ё мамот,  ё нажот , ё ҳалокат , ё саодат – ё фалокат масаласидир”. Ҳар қайси давр ва ҳар қандай шароитда ҳам  бу масала жуда долзарб бўлиб қолади. Бунда мактабгача таълим   ва тарбия маскаланларнинг  ўрни алоҳида.  Шу маънода Давлатимиз раҳбари ушбу тизим  болаларга таълим-тарбия  беришга, уларни интеллектуал, маънавий-аҳлоқий, этик, эстетик  ва жисмоний  жиҳатдан ривожлантиришга, шунингдек болаларни умумий ўрта таълимга сифатли тайёрлашга қаратилган узлуксиз таълим  тури сифатида фаолият юритишини  алоҳида белгилаб бердилар. Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек, “Мактабгача таълим  – эртанги кунимизга заминдир! ”  

Болалик – беғуборлик. Ана шу оламни аввал бошдан яхшилик билан бойитиб бориш комил инсон бўлишида жуда муҳим омилдир. Бола  мисоли   бир  ниҳол, унинг ривожи парвариш ва алоҳида эътиборга боғлиқдир.

Улуғлар фарзанд тарбиясини уч  таркибий қисмга- жисмоний, ақлий ва маънавий тарбияга  бўладилар. Булар уйғун тарзда   олиб борилсагина  ҳар томонлама етук ва  жамият учун наф келтирадиган,  Ватан тараққиётига  хизмат қиладиган шахс шаклланади.

Қадрли  ота-оналар!

Сир эмас, мана уч ойдан буён  бутун дунёни ташвишга солаётган коронавирус пандемияси туфайли, ҳозирда мактабгача таълим ташкилотлари вақтинча ёпилган. Аммо бу  фаолият  тўхтади дегани эмас, албатта.  Аксинча, ташкил этилган махсус  канал ва гуруҳлар орқали сизлар яъни, барча тарбияланувчилар билан ҳамиша “Онлайн” алоқадамиз, машғулотлар, семинарлар ва турли хил танловлар давом эттирилаяпти. Ўзаро ҳамкорликда ишлаш орқали   келажак  авлод таълим- тарбияси масаласи бир зум бўлсада, назардан четда қолдирилмаяпти.

Жумладан, Мактабгача таълим вазирлиги томонидан “Болажон” телеканали орқали “Ақлвой” ва “Илк қадам” кўрсатувлари мунтазам равишда намойиш этилмоқда. Шунингдек,  “5 ташаббус, 5 имконият”  “Онлайн” кўрик-танлови ўтказилмоқда. Бундан ташқари, “1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати  билан  “Болалик –олтин даврим!”, “Буюк юрт – фарзандларимиз!”, “Менинг – бахтли оилам!”, “Спорт – саломатлик  гарови!” ва “Қадрдон  – масканим!” мавзуларида расмлар танлови ўтказилди.

 Зеро, болажонлардаги  заррача истеъдодни ҳам   шаклланиб юзага чиқиши  энг аввало ота-онанинг эътибори, фидойи устозлар меҳнатига  боғлиқлиги  бугун  яна бир карра ўз исботини топмоқда. 

Аслида буюк файласуфлардан бири  эътироф этганидек,  “Ҳар бир бола бир дунё”. Унда ўзига яраша  ақл-заковат, истеъдод ва қобилият соҳиби. Кичик қалбида эса улкан  мақсадлар бор. Уни юзага чиқариш, шакллантириш эса сизу бизга боғлиқдир. Шундай экан, бизлар болажонлар билан  ҳамиша самимий муносабатда  бўлишни  асло унутмаймиз!

Фурсатдан фойдаланиб, ўз касбининг жонкуяри ва фидоийси бўлган педагог-мураббийларни Сиз азиз тарбиячиларни,

Фарзанди тақдирига  масъулиятни хис этиб, ҳамкорлик қилаётган Сиз ҳурматли ота-оналарни,

Беғубор қалб соҳиби, эртанги кунимизнинг эгалари ва умиди  ҳисобланган   Сиз азиз болажонларни  “1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати  билан чин  қалбимдан қутлайман! Сизларга Яратгандан мустаҳкам сиҳат-саломатлик, фаровон ҳаёт, тинчлик- ҳотиржамлик  ва  омадлар  ёр бўлшини  тилайман!

Ишонамизки, халқимиз  билан бирга мактабгача таълим ходимлари  ҳам бу синовли кунлардан ҳам албатта, беталофат  ва муваффақиятли чиқиб,  олдимизга қўйилган юксак марраларни  забт этамиз ҳамда келгусида ҳам юртимиз учун садоқат билан хизмат қиламиз.

Қадрли Болажонлар!  Сизлар чин маънода   Яратганнинг буюк неъматисиз. Сизнинг  беғубор табассумингиз, дунёни қувончларга тўлдиради, барча ёмонликлардан қутқаради, сиз кулсангиз олам кулади. Чин маънода Сиз юртнинг эртаси ва эгасисиз, ота-онангиз ва Янгиланаётган Ўзбекистонни  ишонган суянчи ва умидисиз. Буни доимо ёдингизда тутинг!  

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш байрами барчамизга муборак бўлсин!

Шўх-шодон болажонларимиз бахтига асло кўз тегмасин!

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

 Барчангизга  чуқур ҳурмат ва эҳтиром  билан:

Юсупова Ҳилола Каримжоновна

Наманган  вилояти мактабгача таълим  бошқармаси  бошлиғи 

Ҳурматли Ота-оналар!

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги янги лойиҳа: "Саломатлик алифбоси" телевизион дастурлари намойишини бошлайди.
3 июнь куни соат 18.50 да “Оилавий” телеканали орқали унинг илк сонини томоша қилишингиз мумкин.

"Саломатлик алифбоси" мактабгача ёшдаги болаларнинг ривожланиши борасида ота-оналарга катта кўмак беради. Ҳар бир боланинг имконияти ва қобилияти турлича эканлигини унутмаслигимиз керак. Боланинг соғлиги ва ривожланишининг ўзига хос хусусиятларини қанча тез илғасак ва уни қўллаб-қувватласак, у вояга етганида шунчалик катта имкониятларга эга бўлади.

Дастур давомида сиз фақат ишончли тавсияларни оласиз ва фарзандингизнинг ривожланиш даражасини аниқлаб, зарур ҳолларда мутахассислар ёрдамида эрта босқичдан бошлаб фарзандингизга ёрдам беришингиз мумкин.

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Наманган вилояти мактабгача таълим бошқармасининг @makonhabarlar телеграм ижтимоий тармоғида намойиш қилинган

Тўрақўрғон тумани, “Туркистон” МФЙда жойлашган 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти мудираси М.Ҳолиқовани 2020 йил  29 май куни @makonhabarlar телеграм ижтимоий тармоғида ҳамшира К.Абдуллаева билан бўлган можароли ҳолат акс этган видео ва аудио ёзувни ўрганиш юзасидан

Р А С М И Й     М У Н О С А Б А Т

2019-йил март ойида Тўрақўрғон туманидаги 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ходимлари томонидан видео ва фото тасвирдаги  боғча мудираси М.Холиқованинг  ноқонуний ва ножўя ҳатти-ҳаракатлари, таъмагирлик қилиши, ходимларга нисбатан қўпол муомалада бўлиши, аҳлоқсизлик ва бошқа ҳолатлар юзасидан чора кўрилишини сўраб Наманган вилояти мактабгача таълим бошқармасига  мурожаат қилинган.

Ушбу ҳолат бўйича бошқарма мутахассислари томонидан аризани ўрганиш  давомида  мудира М.Холиқова ходимларини менсимаслиги, ҳар-хил таъмагирликларга йўл қўйганлиги, одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя қилмаслиги ва бошқа ноқонуний ҳатти-харакатлари тасдиғини топган деб хулоса қилган ва ўрганиш якуни бўйича Наманган вилояти прокуратурасига 14.02.2019 йилда 01-02/07-175 сонли ахборот тақдим этилган ҳамда бошқарманинг 11.03.2019 йилдаги 73-к сонли буйруғи билан М.Холиқова билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Лекин, Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг 2019 йил
16-апрелдаги ҳал қилув қарори билан М.Холиқовани даъвоси қисман қаноатлантирилиб, Тўрақўрғон туманидаги 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотига ўзининг мудиралик лавозимига қайта тикланган.

Мазкур ҳолатдан норози бўлган ҳамшира К.Абдуллаева эски олинган видео, аудио ва фото суратларни ижтимоий тармоқларда жойлаштирган, ҳамда  Тўрақўрғон туман прокуратураси ва ички ишлар бўлимига мурожаат қилган.

Ўз ўрнида, мазкур масала бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари  томонидан К.Абдуллаева ва М.Холиқованинг ўзаро можароси ва ҳатти-ҳаракатлари юзасидан ҳолат амалдаги тартиб бўйича ўрганилмоқда.

Ушбуни ўрганиш якунларига кўра,  қўшимча маълумот берилади.

 

Наманган вилояти мактабгача таълим бошқармаси  матбуот хизмати

ЭЪТИБОР ҚАРАТИНГ, ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНГ!

     Болалик жуда беғубор ва унутилмас давр. Албатта ҳар бола бир дунё дейилганидек, уларнинг барчасида нимадир бўлади. Ҳамма гап уни пайқай билиш, эътибор қаратиш ва қўллаб –қувватлаган ҳолда юзага чиқаришга боғлиқ. Бугунгидек, пандемия карантини шароити қайсидир маънода ҳар бир ота-онага бола билан шуғулланишга кенг имконият яратгани шубҳасиз.

     Зеро, бу вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан эълон қилинган беш муҳим ташаббус доирасида эълон қилинган “5 ташаббус 5 имконият” онлайн танлови доирасида фаол иштирок этган тарбияланувчиларнинг фаоллигида ҳам ёрқин намоён бўлди. Унда салкам 70 минг нафар ўғил-қиз, рақс санъати, эртак айтиш маҳорати, спорт, қўл меҳнати, тасвирий санъат каби йўналишларида ўзларини синаб кўришмоқда. Ғолиблар овоз бериш, лайк босиш йўли орқали аниқланяпти.

         “1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасда 5 та йўналиш бўйича 1-2-3 ўринни эгаллаган 122 нафар ғолиблар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилади, шунингдек, фаол қатнашганлар ҳам эътибордан четда қолмайди. Сиз ҳам онлайн танлов иштирокчилари билан танишинг ва уларнинг истеъдодига ўзингизга гувоҳ бўлинг ва овоз беринг! Буни эътиборсиз қолдирмаслигингиз Сизни болажон халқ вакили эканингиз, болаларни қанчалик севишингиз, қўллаб-қувватлашга тайёрлигингиз, руҳлантиришга қодирлигингиз далолатидир.

Демак, сиз шу болада нимадир борлигига ишонсангиз, унга далда бўлинг. Томчидан дарё ҳосил бўлганидек, сиз унинг порлоқ келажак сари илҳомлантиришингиз  мумкин!

 

Наманган вилояти мактабгача таълим бошқармаси матбуот хизмати