“Юксалиш”да янги мактабгача таълим ташкилоти ўз фаолиятини бошлади

Юртимизда мактабгача таълим тизимига берилаётган эътибор ҳудудларда мазкур соҳада амалга оширилаётган ишлар мисолида ўз исботини топмоқда. Наманган шаҳридаги “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғинида янгидан қуриб битказилган замонавий давлат мактабгача таълим ташкилотини кўриб ҳавасингиз келади. Замонавий талаблар асосида бунёд этилган 46-сонли мактабгача таълим ташкилотининг лойиҳа қиймати 15 млрд. 741 млн. сўмни ташкил этиб, 385 ўринга мўлжалланган бўлиб, 50 та янги иш ўрни яратилди. 15 та гуруҳ хонаси, кутубхона, мусиқа, гимнастика ва жисмоний тарбия заллари замонавий жиҳозлар билан жиҳозланган. 160 нафар болага мўлжалланган умумий овқатланиш хонаси, 2 та чўмилиш ҳавзаси, ёзги айвончалар, ўйингоҳларда тарбияланувчилар учун барча шароитлар яратилган.
Бугун мазкур мактабгача таълим ташкилотининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ҳокими Х.Бозаров, вилоят ҳокимининг ўринбосари П.Маткаримов, шаҳар ҳокими Ш.Абдуразаков, вилоят Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғининг ўринбосари А.Юлдашев, шаҳар Мактабгача таълим бўлими раҳбар-ходимлари, нуронийлар, маҳалла фаоллари, ота-оналар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Тадбирга ташриф буюрган нуронийлар ва маҳалла фаоллари ёш авлодга берилаётган эътибор ва яратилаётган шароитлар учун чексиз миннатдорчилик билдирдилар.
Бу каби мактабгача таълим ташкилотларининг ташкил этилиши болажонларни сифатли таълим-тарбия олишлари, замонавий талаблар асосида камолга етишлари йўлида хизмат қилади.