РАСМИЙ БАЁНОТ

“Тараққиёт мезони” газетасининг 2020 йил 27 феврал 3-сонида чоп этилган “Хом талаш ёки боғчадаги коррупция” рукни остидаги мақола ҳамда “faсebook” ижтимоий тармоғида Рустам Икрамов профилидаги “Мактабгача таълим вазирлиги диққатига” номли пост-маълумот юзасидан Наманган вилояти мактабгача таълим бошқармасининг

РАСМИЙ  БАЁНОТИ

Шу йилнинг 21 феврал куни Янгиқўрғон туманидаги 39-сонли мактабгача таълим ташкилоти ҳамшираси Шахло Мирзаева ва бошқалар мазкур ташкилотдаги молиявий ҳолатлардан ҳамда ташкилот мудираси Нилуфар Турсуналиеванинг бошқа ҳатти-харакатларидан норози бўлиб, бошқарманинг “Ишонч телефони”га мурожаат қилган.

Бошқарма буйруғига асосан бошқарма мутахассислари томонидан мазкур ташкилотда белгиланган тартибда ўрганиш ўтказилмоқда.

Бироқ, ташкилотининг бир гуруҳ ходимлари текшириш якунига етмагани ҳолда “Тараққиёт мезони” газетаси таҳририятига ташкилот мудираси Нилуфар Турсуналиеванинг фаолиятидан ва ҳатти-харакатидан норозилигини билдириб, мурожаат қилган ва мурожаат газетанинг 2020 йил 27 февралдаги 3-сонида “Хом талаш ёки боғчадаги коррупция” рукни остида мақола “faсebook” ижтимоий тармоғида Рустам Икрамов профилидаги “Мактабгача таълим вазирлиги диққатига” номли пост-маълумот эълон қилинган.

Бошқарма томонидан мазкур мурожаат амалдаги Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг 28-моддасида назарда тутилган талаблар асосида белгиланган муддатларда ўрганилишини маълум қилади.

Ўрганиш якуни юзасидан текширишда қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда тегишли чора кўриш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига тўпланган ҳужжатлар тақдим этилади. Текшириш якунлари бўйича мурожаат ва мақола, маълумот муаллифларига ёзма равишда жавоб қайтарилади.

Шу ўринда, оммавий ахборот воситалари ходимлари, мурожаат қилувчи фуқароларга ҳамда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига муайян мурожаатни тўлиқ ўрганилмасидан аввал хулоса чиқармасликка, ҳар бир фуқаронинг қонунда белгиланган шахсий дахлсизлик ҳуқуқини ҳурмат ва эътиборга олишларини эслатиб ўтмоқчимиз.

 

Наманган вилояти мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизмати.