КЕЛАЖАК — ЗАМОНАВИЙ БОҒЧАДАН БОШЛАНАДИ.

Жорий йилнинг 31 октябрь куни Наманган вилояти, Поп шаҳридаги 3-сонли мактабгача таълим ташкилотида "Креатив раҳбар қандай бўлиши лозим?" мавзусида вилоят амалий-кўргазмали семинари бўлиб ўтди.

Ушбу семинардан асосий кўзланган мақсад, пандемия даврида ҳам тарбия маскани жамоасининг янада уюшқоқлик билан, офатни енгишда креатив мақсадларга ёндошиб иш ташкил қилингани, таълим-тарбия масканида инновацион гуруҳлар фаолиятини замонавий услубда кучайтириб борилганлигини кўрсатиш ва семинар иштирокчилари билан ўзаро тажриба алмашиш учун ташкил этилди.

"Биз пандемия даврида ҳам, унинг талаб ва қоидаларига амал қилган ҳолда фаолият олиб бордик. "Таълим-тарбияда танаффус бўлмайди", деган шиорга асосан ходимларимиз билан боғчага келиб, креатив ғоялар, янгиликлар устида изландик ва ишладик. Пандемия бу дам олиш дегани эмас", дейди 3-сонли МТТ директори Раънохон Шарипова.

Тадбирда сўз олган Поп тумани ҳокими А.Султанов, вилоят Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ҳ.Юсуповалар ушбу таълим ташкилотидаги маънавий муҳитни барқарорлиги, ходимлар ўртасидаги соғлом рақобатни таъминланганлиги, аҳил жамоа томонидан яратилган креатив янгиликлар ҳақида гапириб, ходимларга болажонлар учун яратилган шароитлар, амалга оширилган барча эзгу ғоялар ва ишлар учун миннатдорчилик билдириб, ташаккур айтилди.

Шунингдек, мазкур тадбирда вилоят Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ҳ.Юсупова, Вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник О.Атаходжаев, Поп тумани ҳокими А.Султанов, туман ҳокимининг ўринбосари Э.Асқаров, туман МТТ бўлими мудири О.Хайруллаева, ҳамда вилоят ва туман Кенгаши депутатлари И.Мадраҳимов, З.Арслоновлар иштирок этиб, амалий ишлар ва тайёрланган кўргазмалар билан танишдилар.

Вилоят мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизмати.