ҚАМРОВ ЮЗ ФОИЗ! Аммо, яна шунча талабгор мавжуд. Чунки...

Наманган вилоятидаги “Водий” маҳалла фуқаролар йиғини Янгиқўрғон тумани марказида жойлашган. Ҳудудда 123 нафар 3-7 ёшли бола бор. Уларнинг барчаси маҳалладаги 1-сонли мактабгача таълим ташкилотига тўлиқ қамраб олинган. Айни пайтда бу ердаги 360 нафар. тарбияланувчининг 237 нафари ёндош ҳудудлардан келишади. Шунга қарамай, яна 200 нафар бола навбатга қўйилган. Боиси оддий: бу гўшада кичкинтойлар учун барча шарт-шароит яратилган. Таълимий жараёнларнинг сифат даражаси эътирофга лойиқ. 

         Таъкидлаш жоизки, 2019 йилда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Янгиқўрғон шаҳарчаси обод марказга айлантирилган эди. Ана шу паллаларда мазкур ташкилотнинг 1986 йилда қурилган 140 ўринли биноси учун ҳам қарийб 1 миллиард 450 миллион сўм маблағ ажратилди.

         Бугун ушбу ташкилот янгиқўрғонлик кичкинтойларнинг энг замонавий типдаги таълим гўшаларидан бири саналади. “Ҳовлиси сўлим, шароити зўр!” дея эътироф этиладиган бу масканга кириб бораркансиз, чиндан ҳам ўзингизни эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис этасиз. Дарвозадан хатланг-хатламанг, маҳобатли ҳайкал – чеҳраси ёруғ, мудом қўли кўксида тургувчи чинакам ўзбек бобосининг нурли сиймоси кутиб олади, сизни. Сўнг, ораста, яшил олам бағрига шўнғигандек бўласиз. Ичкари сари ташлаган ҳар бир қадамингизга ўзбекона миллий руҳ ошнолик қилади. Боқий қадриятлар асосида безанган хоналарнинг ҳар бири уйғоқ ва теран иқлимга етаклайди. Болажонлардаги инглиззабонлик, бадиий гимнастикачи фаришталарнинг мажнунтол шохларидек эгилувчанлиги-ю, шахматчилардаги теран нигоҳ сизни лол қолдиради.

         Ана шунда нега, бу ерда тарбия топаёган болаларнинг ота оналари бу даргоҳдан розилигини англайсиз. Нега, жуда кўпчилик “Боламни шу боғчага бермоқчиман”, дея узоқ навбат кутиб турганлигини хис этасиз.

          Ҳақиқатдан ҳам атиги бундан икки йилча аввал ҳам мазкур ташкилотда 8 та гуруҳ ва 200 нафар тарбияланувчи бор эди. Ўтган қисқа даврда гуруҳлар сони 4 тага, тарбияланувчилар эса, 160 нафарга ортди. Аммо...

         Боғча, дегани резина эмас-да! Бундай гўшада сон ортган сайин, муайян жой зарурати ҳам туғилади. Қоида тамоилларга кўра, ҳар бир боланинг тўлақонли тарбия топиши учун 3 квадратгача жой ва яна қанча жихоз, шарт-шароитлар талаб этилади. Нафсиламбирини айтганда, ушбу ташкилотда ҳам шу каби зарурият етилиб қолган эди. Лекин...

         – Раҳбарнинг омилкорлиги мана шундай паллаларда билинади, – дейди Янгиқўрғон тумани Мактабгача таълим бўлими мудири Эъзоза Тўрабаева. –Агар у, ҳақиқиатдан ҳам ташаббускор, омилкор бўлса, қордан-да қалов ясайди. Олма пиш, оғзимга туш, деб ўтирмайди. Изланади, интилади. Баайни ушбу ташкилот директори Манзура Нишонова ҳам ана шундай директорларимиздан. У энг аввало, ўзи раҳбар жамоа орасида аҳиллик иқлимини ярата олган. Унинг ўз ҳисобидан ташкилот ҳовлисининг бўш жойида 3 та гуруҳ учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган қўшимча хоналарни мофақият билан бунёд эта олганлиги таҳсинга лойиқдир.

         Кўриб турганингиздек, боғчадаги бошқарув, таълимий сифат мезонининг барқарорлиги, дидактик материаллар билан ишлаш, беш марказ фаолияти, ота-оналар билан йўлга қўйилган ҳамкорлик, Кузатув кенгашининг фаоллиги ва албатта, директорнинг тадбиркорлигига гап йўқ.

         Хўш, унда нима қолди?

         Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 9 апрель куни Янгиқўрғон тумани Мактабгача таълим бўлимига қарашли 1-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти яна бир масалада ўзини намоён этди. Яъни, шу куни мазкур ташкилотнинг тўгараклар фаолияти ва тайёрлов гуруҳлари иштирокчилари тарбиячи Раъно Юсупова бошчилигида “Коинот сирлари” деб номланган семинарга мезбонлик қилишди.

         Тадбир ҳақида икки оғиз: иштирокчилар Мирзо Улуғбек ва Али Қушчи сиймосини ва Юрий Гагарин образини шу қадар жонли ижро этдиларки, таърифга гап йўқ. Боз устига, костюм зўр, грим ажойиб; иштирокчилар қамрови кенг; саҳна ажойиб; восита қуроллари етарли; энг муҳими ҳеч ким четда қолган эмас, тадбирни мазмунли ўтказиш учун барча бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилган.

          Хулоса: боғча дегани киройи шундай бўлса, агар у ҳақида ёзмоқчи бўсанг, мазза қилиб ёзсанг. Тадбир ҳам шундай бўлсаки, унда қатнашиш учун кетказган вақтингга сира ачинмасанг, аксинча олган маънавий озиқангни бошқаларга ҳам уялмай улашсанг.

 

Р.S. Вилоятимиздаги барча мактабгача ташкилотларини мана шундай боғчалар қаторидан ўрин олишгини чин дилдан кутиб қоламиз.

 

Саидолим АБДУРАҲМОНОВ, Наманган вилояти мактабгача таълим бошқармаси Маънавий-маърифий ишлар ва давлат тилида иш юритиш бўйича бош мутахасиси