“БОҒЧАГА ҚАМРАЛМАГАН БИРОР БОЛА ҚОЛМАЙДИ!”

 

       Мамлакатимизда таълимнинг бошланғич бўғини – мактабгача таълим тизимига бўлган эътибор йил сайин ортиб бормоқда. Хусусан, 3-7 ёшгача бўлган болаларни ташкилотга қамраб олиш, уларга сифатли таълим-тарбия бериш борасида кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда. Буни жойларда замонавий андозаларга келтирилаётган ёки янгитдан қуриб, фойдаланишга топширилаётган давлат ва нодавлат, давлат шерикчилик, оилавий таълим ташкилотлари сони ортиб бораётганидан ҳам англаш мумкин.

       Ҳудди шундай масканлардан яна бири Наманган вилояти Янгиқўрғон туманининг “Бирлашган” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қуриб битказилган 30-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти иш бошлади.

       Куни кеча карнай-сурнай садолари остида бошланган очилиш маросимига кўплаб ота-оналар, маҳалланинг нуроний оқсақоллари ва фаоллари таклиф этилди.

 

       Тадбирда иштирок этган Янгиқўрғон тумани ҳокими Асадулла Нажмиддинов ана шу нуроний оқсақоллар дуоси билан очди. Рамзий калит эса, ташкилот директори Мунира Раҳмоновага топширилди.

       Тадбирни сўзга чиққан  туман ҳокими Асадулла Нажмиддинов ўз сўзида муҳтарам Президентимизнинг мазкур соҳага бўлган ғамхўрона эътиборини алоҳида қайд этди. Ана шундай муносабат боис барча жойларда бўлаётгани каби Янгиқўрғон туманида соҳа ривожи изчил давом этаётганини таъкидлади. Янги қурилаётган ташкилотларнинг бирин-сирин очилиши туфайли болалар қамрови тобора ортиб борётганига алоҳида урғу берди:

        – Биргина мана шу “Бирлашган” қишлоғининг ўзида 3-7 ёшли болалар сони 203 нафарни ташкил этар экан, – деди у. – Мана ҳозир ушбу муҳташам кошонанинг ишга туширилиши муносабати билан 190 нафар бола қамрабга олинганини айтишмоқда. Кўрсаткич 94 фоиз, дейилмоқда. Хўш, бу нимадан далолат? Бу шуни англатадики, яқин йиллар орасида муҳтарам Президентимизнинг сайъ-ҳаракатлари билан қишлоқларимизда, маҳалларимизда боғчага қамраб олинмаган бирор бола қолмайди.

 

       Дарҳақиқат, 3 миллиард 111 миллион сўмдан зиёд маблағ эвазига замон талаблари даражасида бунёд бўлган ушбу ташкилотда 6 та гуруҳ ташкил этилди. Шу муносабат билан ўз иш ўрнини 28 нафар ходима 190 нафар кичкинтойни баркамол вояга етказишга хизмат қилишади.

Мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизмати.