РАСМИЙ МУНОСАБАТ

       Мазкур мурожаат ижтимоий тармоқда ёритилгандан сўнг, унда иддао этилган масалага аниқлик киритиш мақсадида Наманган вилоят Мактабгача таълим бошқармасининг тегишли тартибда тузилган ИШЧИ ГУРУҲИ Мингбулоқ тумани Мактабгача таълим бўлимига қарашли 37-сонли ДМТТда ўрганиш ўтказди ва қуйидагиларни очиқлади:

       Мингбулоқ тумани “Қолгандарё” МФЙ ҳудудида жойлашган 37-сонли ДМТТ 1973 йилда 90 ўринга мўлжаллаб қурилган бинода фаолият олиб боради. Ҳозирда бу ерда 146 нафар тарбияланувчи қамраб олинган.

       Бино 2017 йилда инвестиция дастури доирасида мукаммал таъмирдан чиқарилган. Бироқ 2020 йилнинг 16 март кунидан 14 сентябрга қадар давом этган пандемия шароитида ташкилотда сокинлик даври бўлган. Қарийб, 5 ой мобайнида бино хоналаридан фойдаланилмаган ва тегишли тартибда шамоллатиб турилмаган. Оқибатда, хоналарнинг ички девор ва шифт юзаларида табиий қорайиш ва заҳланиш аломатлари кузатилган.

       Шу боис, ҳақиқатдан ҳам 2020 йил сентябрь ойининг дастлабки ҳафтаси ташкилотда ишловчи тарбиячилар ва уларнинг ёрдамчилари, шунингдек, бошқа техник ходимлар ўзларига тегишли бўлган иш хоналарини жорий таъмирдан чиқаришга жалб этилган.

       Айни пайтда мазкур ҳолат Мингбулоқ туман Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганилмоқда ва бу ўрганиш натижалари ҳақида қўшимча ахборот тақдим этилади.

       Қайд этиш лозимки, Мингбулоқ туман ҳокими Нуршод Худойбердиев жорий йил 19 февраль куни тумандаги бир қатор мактабгача таълим ташкилотларига, хусусан, 37-сонли ДМТТга ташриф буюрган.

 

       Ушбу жараёнда мазкур ташкилотнинг ташқи ободонлаштириш ишларига бир қанча эътирозлар билдирилган ва қайд этилган ҳолатлар бўйича текширув тайинланган. Текширувлар натижаларига кўра, маълум қонунбузилишлар аниқланган ва ҳуқуқий органлар юритувига олинган.

       Туман ҳокимининг 37-сонли ДМТТга ташрифидан сўнг, маҳаллий бюджетдан ушбу ташкилотга 30 миллион 154 минг 500 сўм ажратилган. Мазкур маблағ ҳисобига эса, ташкилотда қисман қўрғон деворни қайта тиклаш, болалар ёзги айвончасини қуриш ва бир қатор ободонлаштириш ишлари бажарилган.

       Юқоридагига кўра, Наманган вилоят Мактабгача таълим бошқармаси мурожаатчининг “турли усулларда босим қилиб келаётган” мазмунидаги иддаоси ҳақиқатга мос эмас, деб ҳисоблайди.

 

       Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда ёритилган мурожаатда “МТТнинг қизил чегарадаги ҳудуди тадбиркорга ҳужжатсиз бериб юборилган...” деган иддаоси ҳам келтириб ўтилган.

       Наманган вилояти Мактабгача таълим бошқармаси мурожаатнинг ушбу қисмини қуйидаги асосга кўра рад этади:

 

       Ҳақиқатдан ҳам Мингбулоқ туман Халқ таълими бўлимининг 2003 йил 10 ноябрдаги 113-сонли розилик хати, тумандаги “Момохон” қишлоқ фуқаролар йиғинининг 2003 йил 9 декабрдаги 19/12-сонли ҳамда Мингбулоқ туман ҳокимининг 2003 йил 31 декабрдаги 358-сонли қарорларига асосан фуқаро Шаҳноза Худойқуловага савдо шахобчаси қуриш учун 1 сотихдан иборат ер майдони ажратиб берилган.

 

       Фуқаро Шахноза Худойқулова бунёд этган “Савдо шахобчаси” туман ҳокимининг 2016 йил 22 ноябрдаги 1153-сонли қарорига кўра, фойдаланишга қабул қилинган ва Мингбулоқ туман Ер тузиш ва кўчмас мул кадстр хизматида давлат рўйхатига олинган.

НАМАНГАН ВИЛОЯТИ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ БОШҚАРМАСИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ

https://telegra.ph/R-A-S-M-I-J-M-U-N-O-S-A-B-A-T-04-21