ИЖРО ИНТИЗОМИ – САМАРА МАҲСУЛИ

     Ҳар қайси жамият ва мамлакат ривожида амалий натижанинг ўрни муҳим. Аммо ана шу натижага эришиш учун муайян ҳаракат ва интилиш, энг муҳими, ижро интизоми зарур. Наманган вилояти Мактабгача таълим бошқармаси ташаббуси билан бошқарманинг Чуст туман бўлимида ташкил этилган вилоят семинари баайни шу мавзу – “Мактабгача таълим тизимида иш юритиш ва ижро интизомини тўғри ташкил этишнинг шакл ва услублари”га бағишланди.

 Унда Мактабгача таълимнинг туман(шаҳар) бўлимлари ҳамда педагогика коллежларидаги ижро интизомига масъул ходимлар иштирок этди.

 Таъкидландики, бизда давлатнинг қатор қонунлари, Президент қарорлари ва бошқа турдаги меёрий, ҳуқуқий ҳужжатлар бевосита ижро интизомини тартибга солишга қаратилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Архив иши тўғрисида”ги шунингдек, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунлари шулар жумласидандир. Айни вақтда эса, Давлатимиз Раҳбарининг 2017 йил 11 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида”ги қарори ёки 2017 йил 9 августдаги “Ижро интизоми бўйича ягона идоралараро электрон тизимни жорий этиш тўғрисида”ги фармойиши ҳамда 2018 йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, шунингдек, 2018 йил 5 октябрдаги “Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ҳам жамиятимизнинг барча даражадаги бўғинларида ижро интизомини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.

 Семинар ишида иштирок этган Наманган вилояти Мактабгача таълим бошқармасининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича мутахассиси Баҳодир Самиханов юқорида келтирилган меёрий ҳужжатларнинг мазмун моҳияти, уларнинг талаби доирасида келиб чиқадиган вазифалар хусусида сўз юритди.

– Хабарингиз бор, – дея таъкидлади у. – Жорий йилнинг 10 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур фармон билан бир қатор вазиф ва топшириқлар бегилаб берилди. Хусусан, Давлат органлари ва ташкилотларида Қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқларининг амалга оширилиши бўйича назорат ва ҳисобдорликни ташкил этиш тартиби мутлақо янги мезонларга кўтарилди. Айниқса, 2021 йил 1 майдан бошлаб, барча давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ижрони назорат қилиш, назорат картотекаларини юритиш ва ҳисоботларни шакллантириш фақат “Ijro.gov.uz” тизимида амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

 Тадбир давомида “Ijro.gov.uz”дан фойдаланиш тартиби, ижро интизомини таъминлашда “Ijro.gov.uz” дастуридан фойдаланиш қадамлари бирма-бир кўрсатиб берилди. Шунингдек, ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда ёритилаётган соҳа фаолиятига оид мақола ва хабарларнинг очиқ-ошкоралигини таъминлаш мақсадида мухбирлар, блогерлар билан самарали алоқа ўрнатиш, ёритилаётган ҳар бир таҳрирсиз, аноним ёки танқидий хабарларни тезкор ўрганиш ва уларга ўз вақтида муносабат билдириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

 Наманган вилояти Мактабгача таълим Бошқармаси Ахборот хизмати