“МИЛЛИЙ ЛИБОС – БОЛА ИФТИХОРИГА АЙЛАНСИН!

Токи у, ҳар жойда ва ҳар қачон ўзбек халқи фарзанди эканлигидан ғурурлансин! деган эзгу ният Наманган шаҳридаги 58-мактабгача таълим ташкилотида Наманган шаҳар прокурори ташаббуси билан ўтказилган “Миллий либосим” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбирда тез-тез такрорланди. Зотан, тадбир давомида тарбияланувчи болажонлар миллий либосларимиз қанчалик ярашиқлилиги ва кўркамлилигини, айниқса, жажжи қизалоқлар эгнидаги хон атлас, полвонжон болажонлар бошидаги дўппи эса, ўзбек халқи маънавиятининг кўзгуси эканлигини яна бир карра исбот этиб беришди.

Раҳматли Қаҳрамон шоиримиз Эркин Воҳидовнинг

“...Қайга бормай бошда дўппим,

Ғоз юрарман, гердайиб,

Олам узра номи кетган

Ўзбекистон, ўзбегим”, мисраларини баайни ўзбек кишисининг маънавий ахлоқ ва одоби ҳурматига қурилган ҳайкал, десак муболаға бўлмайди. Аммо...

Минг таассуф! XXI аср – глобаллашган дунё яхши ва ёмонни фарқлай олишни оғирлаштириб қўйди. Агарки, миллий маънавиятимизни бир оппоқ қоғоз, деб тасаввур этсак, надомат билан айтиш жоизки, бу поклик юзасида “қора доғ”лар ҳам пайдо бўла бошлади.

Тўғри. Орамизда ўзининг маънавий-маърифий ахлоқида собит, исталган замон ва маконда Ўзбекистон шаънини бошига кўтариб, ўзининг Ўзбекистон фарзанди эканлиги билан ғурурлана оладиган ва албатта, дунё билан тенгма-тенг тура олишга қодир ёшларимиз жуда кўп. Аммо бошқа тарафда чегара билмас, вақт, макон ва ҳудуд танламайдиган маънавий таҳдидларнинг салбий жиҳатларига қарши тура олмайдиган, айниқса, ўзига “ўта замонавий” тус берган, “Оммавий маданият”га муккасидан кетган, “чет элники” деса, ётиб ялайдиган, энг ёмони миллийликни эскилик сарқити, шахсий эркинликни бўғувчи занжир, маданиятсизлик, дея қарайдиган ёшлар ҳам талайгина.

  

Бир замонлар ҳинд халқи етакчиси Махатма Ганди “Мен таш­қаридаги бўрондан қўрқиб, деразамни ёпиб қўя олмайман, чунки менга тоза ҳаво керак. Шу билан бирга, тоза ҳаво керак экан, деб деразамни катта очиб ҳам қўя олмайман, чунки менинг уйимни чанг – тўзон босиб кетишини хоҳламайман”, деган эди.

Бугун ҳам шундай: дунёда кескин кураш ва рақобат ҳукм сурмоқда, манфаатлар тўқнашуви кучаймоқда. Глобаллашув жараёнлари инсоният учун беқиёс янги имкониятлар билан бирга кутилмаган муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдид ва хатарлар тобора ортмоқда. Демак, замоннинг ўзи маънавий жабҳада жипслашишни, бир ёқадан бош чиқаришни тақазо этмоқда. Бу ҳақда Президентимиз "Агар кимдир, маънавият масаласи – бу фақат Маънавият маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши, деб ўйласа, хато қилади. Буларнинг барчаси олдимизда турган энг асосий, энг муҳим вазифалардан биридир” дея таъкидлаган эдилар. 

Бўлиб ўтган тадбир баайни Президент чақириғига ҳамоҳанг бўлди. Унда иштирок этган Наманган шаҳар прокурорининг ўринбосари Хуршидбек Умирзоқов “Миллий либосим” маънавий-маърифий тадбирининг кўргазмали чиқишида эътибор қозонган жажжи тарбияланувчиларнинг барчасига совғалар улашди. Шунингдек:

– Тарбияда танаффус бўлмайди, – дея таъкидлади Хуршидбек Умирзоқов. – Лекин, бу жабҳадаги ишларнинг узвийлиги ҳозирча етарли эмас. Масалан, мазкур боғчада ўтаётган ушбу тадбирга шу ҳудуддаги мактаб, олий таълим, маҳалла, ота-она келиши керак эди. Зотан, Президентимиз бугунги кунда биздан, энг аввало, маънавий-маърифий ишларни амалга оширишда ягона тизим бўлиб ҳаракат қилишимизни, ўғил-қизларимизни болалигиданоқ билимли ва фазилатли этиб тарбиялаш мақсадида мактабгача таълим ташкилотларига кўмак кўрсатишимиз зарурлигини сўраяптилар. Биз бунга жавоб беришимиз керак.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон мафкураси – эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси! Бунда фикр тарбияси, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбияси халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланади. Демак, бундай мақсад рўёби учун ҳамма масъул: болани дунёга келтирган ота-она ҳам, унинг тарбиясини зиммасига олган тарбиячи ҳам, таълим ўқитувчиси ҳам, маҳалла ҳам ва маҳалладаги нуроний ҳам, зиёлий ҳам!

 

Бироқ, айрим жойларда ўқтин-ўқтин бўлса ҳам Президент Шавкат Мирзиёев куюниб, ёниб кўзлаётган манзараларнинг аксини кўриб қоляпмиз. Бундай ҳолатлар ташкилотларнинг директорлари, методистлари ўртасида тарихий, ва миллий қадриятлар сабоғини кучайтиришни тақазо этади. Зотан, бола ишонса, қаттиқ ишонади ва ундаги бу ишонч сценарийси саёз, қўлдан ўтарга, раҳбарлар кўрсин учун тайёрланган тадбирлар воситасида йўл қўйилган хатоликлар унинг бутун умрига салбий таъсир этиши мумкин.

Афсуски, Наманган вилоят Мактабгача таълим бошқармасининг назорат нигоҳига ташкилотларда ўтказилаётган тадбирлар савясининг пастлиги, уларнинг кўплари фақат рақсвозлик асосида ўтказилаётганлиги билан боғлиқ муаммолар ҳам келиб тушмоқда. Ҳолбуки, “Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси”нинг тегишли бандларида “Мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари учун тайёрланадиган спектакллар, куй-қўшиқ ва рақслар, турли театрлаштирилган томошалар, саҳна кўринишлари, миллий ўйинлар сценарийларини ишлаб чиқиш” зарурлиги айтилади.

 

Энг ачинарлиси, ҳатто, миллий либослар кўргазмасига бағишланган тадбирларда ҳам ғарбга тақлидни сезиб қоласан; хушинг айрилади: чиройли хон атласдан либос кийган жажжи қизалоқ ўртага юриб келади-да, аллақандай, ғарбликларга хос қилиқлар қилиб, саҳнадан чиқиб кетади.

Кўриб хайрон қоласан, нима бу? Миллийлик, деб миллийликдан юз ўгиришми? Қани, ўзбекона салом, такаллуф, назокат, тавозе?

Қани, миллий руҳ?

Ахир болар эгнига миллий либос кийдиришдан кўзлаган мақсадимиз улар шуурида ўзбекона маънавиятни, ахлоқ-одобни шакллантириш эмасми? Айтинг, қандай одам ўзи ичмоқчи бўлган сувни лойқалатиб ичади?

Наманган шаҳридаги 58-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотида амалга оширилган мазкур тадбир бундай қусурлардан ҳоли ўтди. Тарбияланувчилар ўз эгниларидаги миллий либослар, шу билан бирга, улар ижросида куй-қўшиқ, мақомчилик йўналишида эса, “муножот” ва “тановор” рақслари, баҳру-байт беллашуви ва айниқса, ўзбек халқ эртак қаҳрамонлари тимсолида саломлашиш одобига  бағишлаб тайёрланган саҳна кўриниши намойиш этилди.

 

Анжон дўппи, Марғилон дўппи, Чуст дўппи кийган болажонлар барчанинг эътиборини қозонди. Атоқли шоир Муҳаммад Юсуфнинг

Бу қандайин кўргулик савдо, 

Дўппи киймай қўйди халойиқ.

Бошга лойиқ дўппи йўқдир ё – 

Бош қолмади дўппига лойиқ,  деб ёзган армонларини ушалтириб, шоирнинг руҳини шод этишди.

Саидолим АБДУРАҲМОНОВ,

Наманган вилоят Мактабгача таълим бошқармаси маънавий-маърифий ишлар ва давлат тилида иш юритиш бўйича бош мутахассиси, вилоят “Маърифат” тарғиботчилар гуруҳи аъзоси

https://telegra.ph/MILLIJ-LIBOS--BOLA-IFTIHORIGA-AJLANSIN-04-29