БОҒЧАДАГИ КОРРУПЦИЯ – БОЛА ҲАҚИГА ҲИЁНАТДИР

Шундай иллат бор: у ҳамманинг оёғидан чалади; бутун жамият тараққиётини издан чиқаради; давлатни пароканда қилади. Бу – коррупция.

Муҳтарам Президентимиз  таъкидлаганларидек, “Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди”., деган гапни айтган эди.

Наманган вилояти Мактабгача таълим бошқармасида ўтказилган навбатдаги йиғилиш, айни шу – тизимда коррупцияга қарши кураш борасида амалга оширилган ишлар мавзуга бағишланди.

 

Йиғилишда Мактабгача таълим соҳасида жиноятни келиб чиқиш сабаби ва шарт шароити, уни келгусида бартараф этиш омиллари таҳлил этилди. Дастлаб, бошқарма бош юристконсульти Тохиржон Таджиалиевнинг 2021 йилнинг биринчи чораги давомида тизимда ҳуқуқийликни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.

Қайд этилдики, 2020 йилда 8 та жиноят аломатлари кузатилган. Жорий йилнинг шу даврига қадар эса, 6 та жиноятга нисбатан ҳуқуқий баҳо берилган. 

 

 Йиғилишда Наманган вилоят прокуратурасининг алоҳида муҳим жиноятларни тергов қилиш бўлими катта терговчиси Ш.Х.Мамарахимов ҳам иштирок эди. У тизимда фаолият юритувчиларни “коррупциясиз соҳа” шиори остида ишлашга даъват этар экан, жумладан:

– Коррупция шундай иллатки, уни бир ёки икки идоранинг саъй-ҳаракати билан йўқ қилиб бўлмайди. Қачонки, барча фуқароларимиз, жамият, яъни сизу биз бир ёқадан бош чиқариб курашсак, унинг илдизларини йўқ қилишга биргаликда киришсак, албатта, ижобий натижага эриша оламиз. Ўйлайманки,  Мактабгача таълим тизимида ана шундай эзгу мақсад билан ишлаш вақти етди, деди у.

Йиғилишни олиб борган Бошқарма бошлиғи Хилола Юсупова Мактабгача таълим соҳасида бундан буён коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилишини айтди. Қайд этилган ҳолатларни қаттиқ қоралади.

– Кимки, Мактабгача таълим соҳасида жиноятга қўл урибди, демак у, катта жиноятни амалга оширган. Чунки бу ҳол боланинг ҳақига хиёнатдир. Шуни унутмаслигимиз керак: биз азиз ватанимизнинг эртанги келажаги бўлган ворисларимиз тарбиясига масъулмиз. Бугун бизга ишониб топширилган ишонч, шуниси билан ҳам ҳам аҳамиятли, ҳам масъулиятлидир, деди Хилола Юсупова.

Дарҳақиқат, ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётган Ўзбекистон учун коррупциянинг ҳар қандай шаклдаги кўриниши ислоҳотлар шиддатини сусайтириши билан хавфли.

Бунга эса, асло йўл қўйиб бўлмайди.

 

Саидолим АБДУРАҲМОНОВ,

Наманган вилояти Мактабгача таълим бошқармаси Ахборот хизмати бошлиғи

https://telegra.ph/BO%D2%92CHADAGI-KORRUPCIYA--BOLA-%D2%B2A%D2%9AIGA-%D2%B2IYONATDIR-04-30