РАСМИЙ МУНОСАБАТ

 Ҳақиқатдан ҳам Уйчи тумани Мактабгача таълим бўлимига қарашли 42-сонли давлат Мактабгача таълим ташкилотининг хўжалик мудири Наргиза Акбарова фаолиятига доир  жорий йил 27 март куни тузилган далолатномага кўра, унинг томонидан ташкилотнинг озиқ-овқат омборида  13 миллион 72 минг 607 сўм камомад аниқланган.

Тегишли далолатномада  қайд этилганки, 2021 йил 29 март куни Наргиза Акбарова томонидан мазкур камомаднинг 1 миллион 133 минг сўм, 30 март куни эса, 1 миллион 693 минг 300 сўм, жами 2 миллион 826 минг 300 сўм қисми қопланган.

Бу ҳақда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Бироқ, ўрганиш кунига қадар муқаддам келтирилган камомаднинг 10 миллион 488 минг 207 сўм қисми қопланмаган. Шунингдек, мазкур ташкилот тарбияланувчилари ҳаётига жидди хавф туғдирувчи синиқ ойна ва ташкилот биносининг том қисми тарновидаги носозликлар ҳақиқатдан ҳам юз берган. Лекин бу ҳолатлар “Asl jamiyat” telegram ижтимоий тармоғида ёритилган мақолани жойида ўрганишга қадар бартараф этилган.

Ўрганиш давомида ташкилотнинг 2-ўрта гуруҳининг кириш эшигида жиддий носозлик узоқ вақтдан буён сақланиб келаётгани аниқланди. Бу носозлик мазкур ташкилот тарбияланувчилари учун жиддий хавф эканлиги тўғрисида хўжалик мудирасига бир неча марта мурожаат қилинган. Бироқ хўжалик мудираси ушбу мурожаатларга нисбатан эътиборсиз муносабатда бўлиб келган.

Ташкилот тарбиячиси  Одина Исматуллаевага кўра, унинг раҳбарлигидаги гуруҳда фойдаланиладиган иссиқ сув тармоғида ҳам узоқ вақт носозлик кузатилган. Ҳатто, ходимлар ушбу носозлик туфайли шикастланган. Қолаверса, бу ҳолат тарбияланувчилар ҳавфсизлигига жиддий таъсир этувчи омил бўлиб келган. Бу ҳақда ҳам хўжалик мудирига бир неча марта билдириш берилган. Аммо, бу носозлик ҳам хўжалик мудири томонидан бартараф этиб берилмагач, гуруҳ тарбиячисининг ўзи ушбу носозликни бартараф этган.

Бундан ташқари, ташкилотнинг Муаттар Холмирзаева, Одина Исматуллаева, Чинихон Турғунова, Шакархон Тошпўлатова сингари ўндан зиёд ходимлари хўжалик мудири Наргиза Акбарованинг иш фаолиятидан норози эканликларини, чунки у, ишга ўз вақтида келмаслигини, оқибатда, болаларга бериладиган тушлик таомлари кечиктириб берилишини таъкидлашди.

Ўрганиш давомида ташкилотнинг хўжалик мудири Наргиза Акбарова билан суҳбатлашилди. Келтирилган камомаднинг шу кунга қадар қопланмаганлигининг сабаби сўриштирилди. Бунга жавобан Наргиза Акбарова ота-она бадал пулини вақтида тўлаб берилмаганлиги боис, камомад сифатида кўрсатилган озиқ-овқат маҳсулотлари  таъминотчи томонидан вақтида етказиб берилмаган эди, кейинчалик, ота-она бадал пули тўлаб берилгандан сўнг ушбу камомад сифатидаги озиқ-овқат маҳсулотлари ташкилот омборига тўлиқ келтирилганлиги ҳусусидаги важлар айтилди ва хўжалик мудирасининг ўзи томонидан, туман Мактабгача таълим бўлими ходимининг иштирокисиз, санасиз, тўлиқ расмийлаштирилмаган далолатномани тақдим этилди, холос.

Ўрганишга “Асадбек Адиба” МЧЖ раҳбари Зокиржон Низамовнинг иштироки таъминланди. У ҳар бир озиқ-овқат маҳсулотини талаб этилган вақтида етказиб берганлигини, бу ҳақда тегишли ҳужжатлари мавжудлигини айтиб ўтди.

Бундан ташқари, ўрганиш жараёнида хўжалик мудири ташкилотда куз-қиш мавсумида сарф қилинган кўмир ёқилғиси ҳақидаги, шунингдек, март ва апрель ойларида сарф этилган озиқ-овқат маҳсулотлари тўғрисидаги ҳисоботларни ҳозирга қадар туман Мактабгача таълим бўлимига топширмай, омбор ва коммунал тўловлар дафтарларини  юритмай келаётганлиги аниқланди.

Юқоридаги ҳолатлар ҳақиқатдан ҳам Уйчи туман МТБга қарашли 42-сонли ДМТТнинг хўжалик молиявий фаолиятини тегишли тартибда тафтиш этиш лозимлигини кўрсатмоқда.

Бу ҳақдаги натижалар келгусида жамоатчиликка маълум қилинади.

 НАМАНГАН ВИЛОЯТИ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ БОШҚАРМАСИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ