РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Наманган вилояти мактабгача таълим бошқармасининг @makonhabarlar телеграм ижтимоий тармоғида намойиш қилинган

Тўрақўрғон тумани, “Туркистон” МФЙда жойлашган 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти мудираси М.Ҳолиқовани 2020 йил  29 май куни @makonhabarlar телеграм ижтимоий тармоғида ҳамшира К.Абдуллаева билан бўлган можароли ҳолат акс этган видео ва аудио ёзувни ўрганиш юзасидан

Р А С М И Й     М У Н О С А Б А Т

2019-йил март ойида Тўрақўрғон туманидаги 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ходимлари томонидан видео ва фото тасвирдаги  боғча мудираси М.Холиқованинг  ноқонуний ва ножўя ҳатти-ҳаракатлари, таъмагирлик қилиши, ходимларга нисбатан қўпол муомалада бўлиши, аҳлоқсизлик ва бошқа ҳолатлар юзасидан чора кўрилишини сўраб Наманган вилояти мактабгача таълим бошқармасига  мурожаат қилинган.

Ушбу ҳолат бўйича бошқарма мутахассислари томонидан аризани ўрганиш  давомида  мудира М.Холиқова ходимларини менсимаслиги, ҳар-хил таъмагирликларга йўл қўйганлиги, одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя қилмаслиги ва бошқа ноқонуний ҳатти-харакатлари тасдиғини топган деб хулоса қилган ва ўрганиш якуни бўйича Наманган вилояти прокуратурасига 14.02.2019 йилда 01-02/07-175 сонли ахборот тақдим этилган ҳамда бошқарманинг 11.03.2019 йилдаги 73-к сонли буйруғи билан М.Холиқова билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Лекин, Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг 2019 йил
16-апрелдаги ҳал қилув қарори билан М.Холиқовани даъвоси қисман қаноатлантирилиб, Тўрақўрғон туманидаги 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотига ўзининг мудиралик лавозимига қайта тикланган.

Мазкур ҳолатдан норози бўлган ҳамшира К.Абдуллаева эски олинган видео, аудио ва фото суратларни ижтимоий тармоқларда жойлаштирган, ҳамда  Тўрақўрғон туман прокуратураси ва ички ишлар бўлимига мурожаат қилган.

Ўз ўрнида, мазкур масала бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари  томонидан К.Абдуллаева ва М.Холиқованинг ўзаро можароси ва ҳатти-ҳаракатлари юзасидан ҳолат амалдаги тартиб бўйича ўрганилмоқда.

Ушбуни ўрганиш якунларига кўра,  қўшимча маълумот берилади.

 

Наманган вилояти мактабгача таълим бошқармаси  матбуот хизмати

ЭЪТИБОР ҚАРАТИНГ, ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНГ!

     Болалик жуда беғубор ва унутилмас давр. Албатта ҳар бола бир дунё дейилганидек, уларнинг барчасида нимадир бўлади. Ҳамма гап уни пайқай билиш, эътибор қаратиш ва қўллаб –қувватлаган ҳолда юзага чиқаришга боғлиқ. Бугунгидек, пандемия карантини шароити қайсидир маънода ҳар бир ота-онага бола билан шуғулланишга кенг имконият яратгани шубҳасиз.

     Зеро, бу вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан эълон қилинган беш муҳим ташаббус доирасида эълон қилинган “5 ташаббус 5 имконият” онлайн танлови доирасида фаол иштирок этган тарбияланувчиларнинг фаоллигида ҳам ёрқин намоён бўлди. Унда салкам 70 минг нафар ўғил-қиз, рақс санъати, эртак айтиш маҳорати, спорт, қўл меҳнати, тасвирий санъат каби йўналишларида ўзларини синаб кўришмоқда. Ғолиблар овоз бериш, лайк босиш йўли орқали аниқланяпти.

         “1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасда 5 та йўналиш бўйича 1-2-3 ўринни эгаллаган 122 нафар ғолиблар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилади, шунингдек, фаол қатнашганлар ҳам эътибордан четда қолмайди. Сиз ҳам онлайн танлов иштирокчилари билан танишинг ва уларнинг истеъдодига ўзингизга гувоҳ бўлинг ва овоз беринг! Буни эътиборсиз қолдирмаслигингиз Сизни болажон халқ вакили эканингиз, болаларни қанчалик севишингиз, қўллаб-қувватлашга тайёрлигингиз, руҳлантиришга қодирлигингиз далолатидир.

Демак, сиз шу болада нимадир борлигига ишонсангиз, унга далда бўлинг. Томчидан дарё ҳосил бўлганидек, сиз унинг порлоқ келажак сари илҳомлантиришингиз  мумкин!

 

Наманган вилояти мактабгача таълим бошқармаси матбуот хизмати

Билсангиз яхши, билмасангиз билиб қўйганингиз маъқул!

2020 йилнинг 1 июнида  “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” нишонланаётганига 70 йил бўлади.

Хўш, бу байрам билан боғлиқ қандай маълумотларга эгасиз?

         1 июнь! Дунё миқёсидаги болалар байрами ҳисобланади. Албатта унинг ўзига хос тарихи бор. Бу 1949 йилда Парижда бўлиб ўтган  аёлларнинг  Халқаро демократик федерациясининг конгресси билан боғлиқ. Чунки, мазкур анжуманда илк маротаба болаларнинг бардамлиги ва бахт-саодатининг кафолати саналган мустаҳкам тинчликни таъминлашга қаратилган доимий кураш ҳақидаги шиор янгради.  

Зеро, урушдан кейинги даврда сайёрамизда яшовчи барча жажжи болакайларнинг соғлиқ ва хотиржамлигини сақлаш долзарб муаммога айланиб қолган эди. Шу тариқа 1950 йилдан эътиборан “1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” сифатида нишонланиб келинади.  

Таъкидлаш жоизки, 1989 йилда БМТ Бош  Ассамблеяси қабул қилган болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро Конвенцияда бутун дунё мамлакатлари учун болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлашни жорий қилиш тўғрисида белгилаб қўйилган.

         Ҳозиргача дунёнинг кўпчилик мамлакатлари ва шаҳарларида бу байрам болалар ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилиш ҳақида мунозара ва лекциялар ўтказиш билан нишонлаб келинган.

Жумладан,Ўзбекистонда ҳам ушбу сана муносабати билан болалар иштирокида кенг миқёсдаги бир-биридан ажойиб кўнгилочар дастурлар, хайрия акциялари, маданий оммавий тадбирлар, спорт мусобақалари, концертлар ўтказиш анъанага айланган. Албатта бунда оғир бемор, даволанишга муҳтож ва ногирон ўғил –қизлар ҳам доимий диққат марказида бўлади. Асосийси муаммоли, қийин шароитдаги болалар, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, моддий –маънавий кўмак кўрсатиш,бахтли болаликни хис этиб яшашлари ва ўз мамлакатининг тўла-тўкис ва хотиржам фуқароси сифатида ўсишлари диққат марказида бўлади. Аслида Халқаро болаларни ҳимоя қилиши куни болаларни парваришлаш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоялашга бағишланган байрамдир. Шу ўринда айтиш жоиз, МДҲ ва бошқа собиқ социалистик мамлакатларда 1-июнь, БМТ тавсияси билан эса 20-ноябрда нишонланади.

1-июнда Болалар кунини нишонлаш таклифи 1925-йили Женева, Швецариядаги конференцияда ўртага ташланганди. Нега айнан шу сана танлангани ҳақида икки фараз бор: биринчисига кўра, ўша йилги хитойлик етим болалар учун уюштирилган Дуанву фестивали 1-июнга тўғри келиб қолган; бошқа фараз эса соддароқ — конференция шу куни ўтаётган эди. 20-ноябрдаги Болалар куни эса БМТ томонидан 1954-йили чиқарилган қарор билан мустаҳкамланган. 

Наманган вилояти мактабгача таълим  бошқармаси матбуот хизмати

Боғ парвариши ниҳолдан бошланади

Дунё халқлари ҳамжиҳатликда нишонлайдиган халқаро саналар кўп. Шулардан бири 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қиши кунидир. Бу сана, айниқса, болажон халқимизнинг миллий қадриятларига уйғунлиги билан аҳамиятли ва бу болажонлик фазилати давлатимиз ижтимоий сиёсатида ҳам устувор. 
 
Бу ватанимиз келажагига дахлдор масала сифатида ёш авлод таълим-тарбиясига қаратилаётган катта эътибор ва унинг самарасида ўз ифодасини топаётир. Мактабгача таълим вазирлиги, вилоятларда мазкур вазирлик тизими ташкил этилгани бу борадаги эътиборга молик қадамлардан бўлди.

Наманган вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ҳилола Юсупова билан суҳбатимиз ўтган қисқа давр мобайнида янги тизимда эришилган натижалар ҳақида бўлди.

–Ниҳолларни экиб қуйиб, уни парвариш қилмасангиз, боғ эмас, тўқайзор яратасиз. Уйнинг пойдеворини эгри қўйсангиз, қураётган уйингиз девори ҳам томгача эгри бўлиб чиқади. Уни бузиб ташлаб, бошқатдан қуришдан ўзга чора йўқ. Худди шу каби жамият «қадди-бастию, соғломлиги», баркамол шахс тарбияси ҳам гўдакликдан бериладиган таълим ва тарбияга боғлиқ. 
 
Бугун мамлакатимиз таълим-тарбия тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, айниқса, болаларни уч ёшдан эътиборан таълим-тарбия тизимига юз фоиз қамраб олиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар замирида ана шу оддий ҳақиқат мужассам. Мустақил тизим сифатида ташкил этилган мактабгача таълим тизими ёш авлод тарбияси натижадорлигини оширишда муҳим роль ўйнайди. Зеро, бу – соҳага алоҳида эътибор, деганидир.

Бугун вилоятдаги давлат (563 та), нодавлат, давлат-хусусий шерикчилик ҳамда оилавий (681 та) мақомдаги жами 1 минг 244 та мактабгача таълим ташкилотида 129 минг нафардан зиёд ўғил-қизга таълим-тарбия берилмоқда. Бу мактабгача таълимга қамраб олиниши керак бўлган кўрсаткичнинг 56,7 фоизини ташкил этади.

Ҳозирда асосий эътиборимиз Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 мартдаги «Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан болаларни мажбурий мактабгача таълим билан қамраб олиш бўйича олдимизга қўйилган вазифаларга қаратилган.

Вилоятдаги 775 та маҳаллада 6 ёшли мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинмаган болаларнинг рўйхати шакллантирилди. Бунда 2020 йил бошига вилоятдаги 50 минг нафар 6 ёшли болалардан 39 минг 601 нафари мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган бўлса, 10 минг 402 нафар бола мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинмагани қайд этилди. Айни пайтда уларни тенгдошлари сафига қўшиш режалари устида, яъни қисқа муддатли, тўлиқ кунли, мажбурий қисқа муддатли, мажбурий қисқа муддатли, мажбурий бир йиллик каби ва бундан ташқари ўрта таълим мактаблари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида яна 200 дан кўпроқ гуруҳ ташкил қилиш режалари устида иш олиб борилмоқда.

2019-2020 ўқув йили якуни бўйича «Илк қадам» Давлат ўқув дастури ва “Илк ва мактабгача ёшдаги болаларни ривожланишига қўйиладиган давлат талабларини бажарилиши бўйича мактабгача таълим ташкилотларининг якуний ҳисоботлари таҳлил қилинмоқда. «Онлайн болалар боғчаси» лойиҳаси доирасида «Болажон» телеканали орқали намойиш этилаётган «Ақлвой» ва «Илк қадам» мактабгача таълим машғулотларини мактабгача ёшдаги болаларнинг ота-оналари билан биргаликда кўриб боришлари мониторинги юритилмоқда. Айни пайтда 228 минг нафардан зиёд тарбияланувчи билан онлайн машғулотлар орқали шуғулланилмоқда.

Давлат мактабгача таълим ташкилотлари мудирлари, методист тарбиячи, мусиқа раҳбари, жисмоний тарбия йўриқчиси ва психологлари билан бирга ташкил этилган «НВМТБ онлайн семинарлар» гуруҳида педагоглар ва ота-оналарга методик тавсиялар, видеороликлар ва тестлар бериб келинмоқда, мактабгача таълим соҳасига оид норматив ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича онлайн ўқув семинарлари ташкил қилинмоқда.

Мухтасар айтганда, коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин шарт-шароитлари янги тизим фаолиятини издан чиқариб юбормаслик, болажонлар таълим тарбиясида узилиш, бўшлиқларга йўл қўймаслик мақсадида барча имкониятлар сафарбар қилинмоқда.

ЎзА хабар қилади

1 - июнь "Халқаро болаларни ҳимоя қилиш" куни

Наманган вилоят мактабгача таълим бошқармаси 1 - июнь "Халқаро болаларни ҳимоя қилиш" куни муносабати билан тизимдаги барча мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида расмлар танловини эълон қилади.

Танловда қатнашиш учун  иштирокчининг расмни чизаётган жараёни видеоролиги ҳамда чизилган тайёр расмнинг электрон нусҳаси ҳар бир ҳудуднинг мактабгача таълим бўлимларининг электрон манзилларига юборилиши сўралади.

Туман (шаҳар) МТБ томонидан сараланган расмлар вилоят босқичида қатнашиш имконига эга бўлади.

Ишчи гуруҳ томонидан энг чиройли ва мазмунга бой расмлар сараланиб ўринлар белгиланади.

Ҳудудлар кесимида энг яхши деб топилган бир нафар болажон бошқарманинг электрон фахрий дипломлари билан тақдирланади.    

Танлов 27 майдан 30 май соат 10-00га  қадар давом этади.

Танловда иштирок этинг ва ғолиб бўлинг!

 

Эслатма: Танлов онлайн тарзда ўтказилади.

Танловда иштирок этишда қўйидаги мавзуларда расм чизиш таклиф этилади:

"Болалик – олтин даврим!"

"Буюк юрт фарзандларимиз!"

"Менинг бахтли оилам!"

"Спорт саломатлик гаровидир!"

"Қадрдон масканим!"

 

Ғолиблар 1 - июнь "Халқаро болаларни ҳимоя қилиш" кунида электрон шаклда диплом билан тақдирланиб, ғолибларнинг исми фамиляси бошқарманинг телеграм ва ижтимоий тармоғлардаги расмий канал ва саҳифаларида ёритилади.

 

Наманган вилоят мактабгача таълим бошқармаси Матбуот хизмати